Саудия Арабистонида миллион доллар турувчи ручка сотувга қўйилади

Жаҳон 31 Март 2016 420

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда апрель бошида ўтадиган World Luxury Expo кўргазмасида ёзувчи анжомлар ишлаб чиқарувчи Montegrappa компаниясининг 100 йиллигига бағишлаб чиқарилган ручка сотувга қўйилади. Ручканинг нархи миллион долларга баҳоланди, деб хабар бермоқда Luxurylaunches нашри.

Гап Ultimate Centennial Dragon модели ҳақида кетмоқда. Бу ручкани яратиш учун 300 грамм олтин сарфланган, ёзувчи инструмент бриллиантлар, ёқут ва марваридлар билан безалган. Ручка қудрат ва фаровонлик рамзи ҳисобланган хитой аждарҳоси шакли билан безалган.

Нашрнинг таъкидлашича, агар ручкага кўргазмада харидор топилмаса, у Нью-Деҳлидаги The Luxury Festival доирасида сотувга қўйилади.

Centennial Dragon ручкалар қатори 2012 йилда яратилган, у компаниянинг 100 йиллигига бағишланган. Қатор 100 та ручкадан иборат бўлиб, ундан 33 таси пушти олтиндан, 33 таси сариқ, 33 таси оқ олтиндан ишланган. Ручкаларнинг юзинчиси эксклюзив бўлиб, Ultimate Centennial Dragon деб номланган.

Montegrappa компанияси ёзувчи анжомлар ишлаб чиқарувчи биринчи итальян фабрикаси бўлиб, унга 1912 йилда Бассано-дель-Граппа шаҳрида асос солинган.

Кўпроқ янгиликлар