Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер Туркия ҳукуматини Европа қадриятларига амал қилишга ва мамлакатда матбуот эркинлигини таъминлашга чақирди. У бу ҳақда Ўзбекистонга ташрифи вақтида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда DPA ахборот агентлиги.

"Ўйлайманки, Европа Иттифоқига ҳамкор давлатдан биз билан умумий Европа қадриятларини бўлишишини кутишимиз мумкин", деб айтди Штайнмайер Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳақидаги немис ҳажвий видеоролиги атрофидаги можарога изоҳ бериб. Унинг айтишича, бу ҳолат, жумладан саънъатда ҳам, фикрни эркин ифодалашга тааллуқлидир.

Бундан ташқари, Штайнмайер федерал ҳукумат Анқара билан муносабатларнинг ёмонлашишидан хавотирланиб, Германиянинг Туркиядаги элчиси Мартин Эрдманнинг Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилишини узоқ вақт сукут сақлагани ҳақидаги фикрга қўшилмаслигини айтди. "Бу тентакликдир ва ҳақиқатга мос келмайди", деб айтди Штайнмайер ва Германия турк расмийларига бир неча бор бу борада ўз фикрини билдирганини қўшимча қилди.

Можарога сабаб бўлган Extra 3 кўрсатуви 17 мартда ARD немис телевидениесининг биринчи каналида эфирга чиққан. Кўрсатувда Туркия президентининг "ҳашаматли яшаш" истаги ҳамда Туркияда матбуот эркинлиги ва демократия тамойилларининг таҳқирланиши мазаҳ қилинган 2 дақиқалик видеоролик намойиш қилинганди "Эрдўғанга ёқмайдиган бирор нарсани ёзувчи журналист эртасигаёқ панжара ортига тушади", дейилганди кўрсатувда. Шундан кейин Германия элчиси Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди.