Тошкент шаҳрида сув саройида “Нафосат олами” V спорт фестивали бўлиб ўтди

Спорт 31 Март 2016 640

Тошкентда “Саховат спорт сервис” акциядорлик жамиятининг сув спорти саройида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кубоги учун “Нафосат олами” V спорт фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси С.Иномова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида ўғил-қизлар ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етаётганини алоҳида таъкидлади.

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур спорт фестивали ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Унда 150 нафардан ортиқ 2005-2010 йилларда туғилган ўғил-қизлар синхрон сузиш, сувга сакраш ва спорт рақси бўйича мусобақаларда иштирок этди.

Спорт рақси бўйича жуфтлик ўйинларида Аида Валижонова, Даниил Бондаренко, Екатерина Рогова, Ҳожиисмоил Султонов, яккалик баҳсларида эса Ширин Мараимова, Комил Махумхонов, Зарина Ҳамроқулова биринчи ўринни қўлга киритди. Сувга сакраш бўйича Амир Яхшиев, Егор Мишинев, Ҳожи Фузаилов, Юлия Нуштоева, Ольга Морозова, Яна Амриева биринчи ўринга лойиқ топилди. Синхрон сузиш баҳсларида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари биринчи ўринни эгаллади.

Мусобақа ғолиб ва совриндорларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Кўпроқ янгиликлар