Таниқли фаст-фуд тармоғи ҳисобланган McDonald's яқин беш йил ичида Хитой, Хонгконг ва Жанубий Кореяда ўзининг 1.5 мингдан зиёд ресторанларини очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида корпорациянинг расмий сайти хабар қилди

Бугунги кунда компаниянинг бу мамлакатларда 2.8 мингта ресторани мавжуд. McDonald's бош директори Стивен Истербрук The Wall Street Journal журналига берган интервьюсида қайд этишича, тармоқларни кенгайтиришга 2015 йилда Хитой, Япония ва АҚШдаги 350та ресторанларнинг ёпилганлиги сабаб бўлган.

Истербрукнинг сўзларига кўра, корпорация франчайзинг бўйича дунё бўйлаб ҳамкорликни мақсад қилиб олган ва 81 фоизли улушни 90 фоизга ошириш ниятида.
Унинг таъкидлашича, фақатгина Хитойда 1300га яқин McDonald's ресторани очилади. Ҳозирда мамлакатда компаниянинг 2200та ресторани фаолият юритмоқда. Бош директор McDonald's ресторанлар сонининг кўплиги бўйича Хитойни АҚШдан кейинги иккинчи мамлакат сифатида қайд этишни режалаштирган.
The Wall Street Journal нашрининг McKinsey & Co. консалтинг компанияси маълумотларига таяниб хабар беришича, Хитой аҳолиси фаст-фуд истеъмол қилишга шубҳа билан қарай бошлаган. ХХРнинг 10 мингга яқин фуқаролари ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 2015 йилда 51 фоиз аҳоли фаст-фуд тановул қилганини қайд этган. 2012 йилда бу кўрсаткич 67 фоизни ташкил этганди.

Истербрук компаниянинг Хитойдаги ресторанларида вегетарианча таомлар, шунингдек, мева ва сабзавотлар ҳам пайдо бўлишини маълум қилди.