Австралиянинг IoT Group компанияси селфи учун парвоз қилувчи гаджет ихтиро қилди. ROAM-e деб номланган гаджет июндан бошлаб сотувга чиқарилади. Бу ҳақда Mashable портали хабар бермоқда.

IoT Group ижрочи директори Иэн Дюффеллнинг айтишича, компания стероидларга асосланган селфи-таёқча яратмоқчи бўлган.

"Селфи-таёқчанинг муаммоси шундаки, у таёқчанинг узунлиги билан чекланган. Биз сиз билан уча туриб, суратга оладиган буюм яратмоқчи бўлдик", деб айтди Дюффелль.

Қурилма смартфон билан боғланиши керак. Унинг иккита ротори юзни таний олиши учун дастурланиши мумкин. Қурилма фойдаланувчидан 25 метр узоқликда уча олади. Бундан ташқари, у панорамали суратлар ва реал вақт режимида 20 дақиқалик видео олиши мумкин. Қурилма 5 Мп ли CMOS сенсори ва Quad Core ARM Cortex A7 процессори билан жиҳозланган.

Қурилма яратувчилари уни сумкага сиғадиган ўлчамда яратмоқчи бўлишди. Шунинг учун унинг роторларини йиғиштириб қўйиш мумкин.

"Биз гаджетнинг сумка ёки чўнтакка сиғадиган даражада етарлича кичик ўлчамда яратмоқчи бўлдик. Биз уни 600 миллилитрли идишдан катта бўлмаган ўлчамда яратдик", деб тушунтирди Дюффелль.

Компания келажакда қурилмани янада такомиллаштирмоқчи: у қурилмани геолокацияни фарқлай оладиган ва харитадаги маълум нуқтага бориб, ортга қайта оладиган қилмоқчи.