31 март кунининг иккинчи ярмида Туркия жануби-шарқидаги Диёрбакир шаҳрида юз берган теракт қурбонлари сони 7 нафарни ташкил этди. Бу ҳақда тараққиёт ишлари бўйича вазир Жавдат Йилмазга таяниб Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

Аниқланган маълумотларга кўра, террорчилар портловчи модда билан тўлдирилган автомобилни масофадан туриб портлатган, у Диёрбакир автовокзали яқинидаги йўл четига тўхтатиб қўйилган бўлган. Портлаш, мина ўрнатилган машинага полициячиларни ташиб кетаётган хизмат автобуси яқин келганида содир бўлган.

Натижада 7 нафар полициячи ҳалок бўлган ва 27 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Дастлабки хабарларда портлаш 4 кишининг умрига зомин бўлгани ва 20га яқин киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди.

Хабар қилинишича, портлаш аҳоли гавжум ҳудудда юз берган ва жабрланганларнинг 13 нафари полиция ходимлари, 14 нафари оддий фуқаролар бўлган. Яраланганларнинг барчаси касалхоналарга ётқизилган, баъзиларнинг аҳволи оғир бўлиб қолмоқда.

Мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бу воқеага муносабат билдириб ўтди.

"Бу теракт яна бир марта терроризмнинг ҳақиқий юзини кўрсатиб берди. Биз бу балони даф қилишимиз керак", деган у.

Бу теракт Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғлининг 1 апрелга мўлжалланган Диёрбакирга ташрифи арафасида юз берди.