Германия ТИВнинг собиқ раҳбаррларидан бири Ганс-Дитрих Геншер 89 ёшида вафот этди. У 1974 йилдан 1992 йилгача Германия Ташқи ишлар вазири сифатида фаолият юритганди.

Эркин демократлар партияси аъзоси бўлган Геншер ГФР ва ГДР бирлашишида катта хизмат кўрсатганди. У 1974-1985 йилларда партияга раис бўлган.

Геншер ўз ҳаётини Германиядаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга бағишлади.

Геншер Галле шаҳрида туғилган, Иккинчи жаҳон уришидан кейин бу шаҳар ГДР ҳудудида қолганди. Ғарбий Германияга у 1952 йилда кўчиб ўтган (ўша вақтда ГФР ва ГДР чегараси очиқ бўлган) ва шу ерда юридик таълим олиб, сиёсат билан шуғуллана бошлаган.

1976 йилда БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош Ассамблеясида Геншер томонидан таклиф этилган аксилтеррор конвенция қабул қилинган.

2015 йилнинг августида Ганс-Дитрих Геншер Ғарбни Россия билан муносабатларни илиқлаштиришга чақирганди. У Россия иштирокисиз Европада барқарорликка эришиб бўлмаслигини таъкидлаган.

2013 йилда у Россия президенти Владимир Путин билан 2 марта учрашгани айтилади.

У шунингдек, "Юкос"нинг собиқ раҳбари Михаил Ходорковскийнинг озод қилиниши жараёнида ҳам иштирок этган ва у билан Берлинда учрашган.

18 март куни ҳам Германи ТИВнинг собиқ раҳбарларидан бири Гидо Вестервелле 54 ёшида оламдан ўтганди.