Италияда 13 нафар беморнинг ўлимига сабабчи деб гумон қилинаётган ҳамширани қўлга олишди. Бу ҳақида ANSA агентлиги хабар беради.

Ҳибсга олинган 55 ёшли Фауста Бонино Пьомбино шаҳри (Тоскана ҳудуди)даги шифохонанинг анестезиология ва реаниматология бўлимида фаолият юритиб келган.
2014-2015 йиллар орасида 61 ёшдан 88 ёшгача бўлган беморлар ҳамшира осма укол орқали юборган дорилар натижасида оламдан ўтган.

Маълумотларга кўра, бу дори – антикоагулянт бўлиб, у беморларда кучли қон кетишини юзага келтирган.

Полиция бир неча ой давомида гумондор шахсларни кузатиб юрган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари шифохона статистикаси билан танишиб чиқгач, Бонинога кўпроқ эътибор қарата бошлади. Уларда кичик касалхона учун ўлим даражаси ҳаддан зиёд юқорига кўтарилгани шубҳа уйғотди.

Тадқиқотлар натижасида барча беморлар ўлимида Бонинонинг қўли борлиги аниқланди.