АҚШнинг Жоржия штатида 1994 йилда қотиллик амалга оширган маҳбус, 41 ёшли Жошуа Бишоп қатл этилди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги. Маҳбус ўлимга олиб келувчи инъекция киритиш орқали қатл этилди.  

Бишоп 1994 йилда Леверетт Моррисон ва Марк Брексли исмли шахслар билан спиртли ичимлик ичиб, улфатчилик қилиб ўтирганда, унинг шериги Моррисон ухлаб қолган. Бишоп эса бундан ёвуз ниятда фойдаланиб қолмоқчи бўлган: у шеригининг чўнтагидан машина калитини олмоқчи бўлганда, Моррисон уйғониб қолган. Шундан кейин Бишоп уни пульси йўқолгунгача дўппослаган.

Бишоп бу жинояти учун 1996 йилда ўлим жазосига маҳкум қилинган. Унинг ўша улфатчиликдаги яна бир шериги Брексли эса ҳамтовоғининг жиноятига шериклик қилгани учун умрбод қамоқ жазосига тортилган, чунки қотиллик унинг трейлерида амалга оширилган ва у қотилга жасадни яширишда ва унга тегишли машинани ёқиб юборишда ёрдам берган.