31 мартда Нью-Йоркда 116-маротаба ўтказилаётган нуфузли халқаро автошоуда буюртма асосида ясалган ноёб Porsche 911 Turbo ёниб кетди. Бу ҳақда Fox News телеканалига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Воқеа кўргазма мажмуасининг буюртма асосида ясалган қимматбаҳо машиналар намойиш қилинган пастки қаватида юз берган. Ёнғин бирданига чиққан. Алангани тезда ўчиришга муваффақ бўлинганига қарамасдан, машинага тўғрилаб бўмайдиган зарар етди, қолган автомобилларга шикаст етмаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин чиқишига носоз ҳолдаги электропроводка сабаб бўлган.

Ёниб кетган авто Porsche’нинг АҚШдаги филиали бошлиғи Клаус Зеллмер томонидан "санъат асари" деб аталганди. Унинг айтишича, машинанинг 90 фоиз бутловчи қисмлари аввалги авлод моделига нисбатан мутлақ янги ёки тубдан модернизация қилинган бўлган.

Автошоу 25 мартда бошланди ва 3 апрелда якунига етади. Унда бутун дунёдан мингдан кўпроқ автомобиль тақдим қилинган.