АҚШ президенти Барак Обама Украинада янги ҳукумат ташкил этилгач, Киевга 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз беришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Украина давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, Обама Петро Порошенко билан Вашингтонда ўтказган учрашувидан сўнг, маълум қилган.

"Мулоқотда Украинада ислоҳотлар ўтказишни мақсад қилган коалиция ва ҳукуматни тезроқ шакллантириш масаласига эътибор қаратилган. Президент Обама Украина ҳукумати ташкил этилиши билан боғлиқ ишлар якунлангач, 1 млрд доллар қарз берилишига ваъда берди", -дейилади хабарда.

Обама ва Порошенко шунингдек, Минск келишувларини тўлиқ ҳаётга татбиқ этилиши юзасидан саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга келишиб олган. Улар, АҚШ ва Украина ўртасида стратегик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама этишган.

Украинанинг ХВЖ (халқаро валюта жамғармаси) билан муносабатлари хусусида тўхталадиган бўлсак, Жамғарма 2014 йил апрелида Украина учун 17,1 млрд қарз беришни назарда тутувчи махсус "stand by" кредит дастурини тасдиқлаганди. Ўтган йилнинг май ойида, Киев унинг 3,2 млрд доллар миқдоридаги илк траншини олган, иккинчиси август ойида (1,7 млрд АҚШ доллари) Украина ҳисобига ўтказилган эди. Учинчи транш 2015 йил декабрида амалга оширилиши режалаштирилган бўлсада, ҳозирча Киев кредитни олмаган.