Олимпиада саралаш турнирида ўзбекистонлик боксчиларнинг олтин медаллари сони учтага етди

Спорт 01 Апрель 2016 594

Хитойнинг Куинан шаҳрида бокс бўйича XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун ўтказилаётган Осиё ва Океания қўшма лицензион чемпионатида яна икки нафар ўзбекистонлик боксчи финал жангларини ғалаба билан якунлади.

-52 кг вазн тоифасида рингга чиққан Шаҳобиддин Зоиров мезбонлар вакили Жиангуан Хуга қарши кечган финал учрашувида рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва мусобақа ғолиблигини қўлга киритди.

Шунингдек, оғирлик вазни 69 кг.гача бўлган боксчилар мусобақасида яна бир ўзбекистонлик Шаҳрам Гиясов ҳам финалда таиландлик боксчини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлган.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Ҳасанбой Дўсматов филиппинлик боксчини мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилганди.

Бугун бўлиб ўтадиган финал баҳсларида, шунингдек, Элшод Расулов (-81 кг) қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетов билан куч синашади.

2 апрель куни ўтказиладиган финал жангларида Ёдгорой Мирзаева (-51 кг) хитойлик Канкан Рен билан, Рустам Тўлаганов (-91 кг) хитойлик Фенгкай Ю билан ва ниҳоят Баҳодир Жалолов (+91 кг) қозоғистонлик Иван Дичко билан баҳс юритади.

Кўпроқ янгиликлар