Қирғизистон ички ишлар вазири Мелис Турганбаев ички ишлар идораларининг янги хизматини тақдим этди. Ҳукумат биноси майдонида ушбу хизмат бош бошқармасининг тақдимот маросими ўтказилди.

ИИВ раҳбарининг қайд этишича, хизмат ҳар саккиз соатда алмашиш усули билан туну-кун фаолият кўрсатади.

Ҳар бир патруль машинаси экипажи уч нафар милиция ходимидан иборат бўлиб, йўл ҳаракатини назорат қилиш, қоидабузарликлар юзасидан маъмурий баённомалар тузиш билан шуғулланади. Уларнинг яна бир вазифаси, жамоат тартибини сақлашдан иборат бўлади.

"Машиналарнинг ҳар бирига фото-ва видеорегистраторлар ўрнатилган. Бу эса, нафақат зиддиятли масалаларни ҳал қилишда, балки милиция ходимларининг порахўрлигига барҳам беришда ҳам ёрдам беради. Чунки, янги талабларга кўра, айни шундай машинадаги милиция ходими, ЙҲҚ бузилгани учун баённома ёза олади", деган ИИВ вазири.

Вазир шунингдек, жамоатчилик фикридан келиб чиқиб, янги патруль хизмати фаолиятига тузатишлар киритиб борилишини айтган.