Германия ташқи ишлар вазири, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раиси Франк-Вальтер Штайнмайер Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан музокаралар ўтказди. У учрашув давомида бу мамлакатда "жонли демократия мавжуд"лигини эътироф этиб ўтган.

Штайнмайернинг айтишича, у Қирғизистонда 10 йил аввал бўлган. Бу вақт ичида мамлакатда кўп нарсалар юз берган. 2010 йилдан Қирғизистон парламент демократияси йўлидан кетишга қарор қилган. Германия Қирғизистонни бу борада қўллаб-қувватлайди.

"Чингиз Айтматов демократия бирданига вужудга келиши мумкин эмас, деб айтган. У доимо қайишқоқ ва доимий бўлиши керак. Бу жуда ақлли гаплар. Биз сизнинг демократик йўлингизга ҳурмат билан қараймиз. Сизнинг давлатингиз, жумладан географик жойлашуви сабабли қийинчиликларга дуч келмоқда. 2015 йилдаги парламент сайловлари сизнинг давлатингизда демократиянинг мустаҳкамланиши, парламент тизимининг бирлашишига кўмак берди", деб айтди Штайнмайер.

"Қирғизистон билан радикалликка қарши кураш, иқтисодиёт соҳаси ва ҳудудий инфратузилма бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга салоҳиятни кўрмоқдаман. Мен бу ерга жуда катта делегация – маданият ва фан арбоблари, Бундестаг депутатлари ва бизнес-доиралар вакиллари билан келдим. Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун яхши имкониятдир. Бизнинг корхоналар, ишбилармон доираларни ёритмоқчимиз, сизда қандай салоҳият ва муҳит борлигини билмоқчимиз. Бу ҳамкорлик учун асосдир. Ҳозирги сафар каби усуллар билан уларда қизиқиш уйғотмоқчимиз", деб қўшимча қилди сиёсатчи.

Штайнмайер сиёсий музокаралар билан бир қаторда бизнес музокаралар олиб борилганини маълум қилди.

"Умид қиламанки, бу музокаралар давлатларимиз корхоналари ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш кўринишида муваффақиятли якунланди. Берлинда жорий йилда бизнес-форум бўлади. Ташриф буюринглар", деб таъкидлаб ўтди Штайнмайер.

Таъкидланишича, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистонда демократиялашувга ёрдам беради, жумладан 2017 йилги президентлик сайловларини ўтказишни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳани амалга оширмоқчи.

"Қирғизистондаги турмуш даражасини ошириш учун фақат техник кўмак билан чекланиб қолмай, молиявий ва иқтисодий кўмак ҳам кўрсатмоқчимиз. Шунинг учун таълим соҳасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтирамиз. Бундан ЕХҲТ Академияси дарак беради", деб айтиб ўтди Штайнмайер.

Штайнмайер 31 мартда Қирғизистонга ишчи сафар билан етиб келди. У бу ерда 1 апрель куни ҳам бўлади.