Си Цзиньпин Обамани Хитой суверенитетини бузишни бас қилишга чақирди

Жаҳон 01 Апрель 2016 354

Хитой бундан кейин, Жанубий Хитой денгизида кемалар қатновининг эркинлигини важ қилиб, ўз мустақиллигига раҳна солинишига жим қараб туролмайди.

"Бу ҳақда АҚШ президенти Барак Обама билан учрашуви чоғида ХХР раиси Си Цзиньпин баёнот берган", деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги.

Икки давлат раҳбарлари, ядро хавфсизлиги бўйича Вашингтон саммити доирасида мулоқот ўтказган. 

Агентлик маълумотларига кўра, ХХР етакчиси шунингдек, Жанубий Хитой денгизи суверенитети масаласида АҚШ бетараф позицияни эгаллашига умид билдирган.

"Ишонамизки, мазкур минтақада барча давлатлар холис ва ҳиссиётларга берилмаган сиёсат юритади, бу гап айниқса, Жанубий Хитой денгизи ҳавзасидан ташқарида жойлашган давлатларга тегишли", — деган Си Цзиньпин.

Маълумки, Жанубий Хитой денгизи атрофидаги вазият тобора кескинлашиб бормоқда. 24 февраль куни, Хитой ўзи назоратидаги Вуди оролига ҳарбий ҳаво кучлари қирувчи самолётларини юборган эди.

Вуди кимга қарашли экани борасида аниқ тўхтамга келинмаган Парасель (Сиша) ороллари таркибига киради.

Америка ҳарбий денгиз кучларига қарашли ракета эсминецининг ушбу ҳудудда рухсатсиз пайдо бўлгани, Пекиннинг кескин норозилигига асос бўлган ва қарши чоралар кўришига сабаб сифатида кўрсатилган эди.

Бундан ташқари, АҚШ ҳарбийлари ўтган йил охирида, B-52 бомбардимончи самолётлари парвозини амалга оширган ва “Кемалар эркинлиги” ҳарбий ўқув машғулотлари доирасида ҳарбий кемаларини денгиз ҳудудидан олиб ўтганди.

Хитой Жанубий Хитой денгизидаги кимсасиз оролларнинг бир нечтасига даъвогарлик қилади. Ушбу ҳавзага бўлган ҳуқуқларини Тайвань, Малайзия, Филиппин, Бруней ва Вьетнам ҳам илгари суради. Айниқса, Скарборо рифи ҳамда нефть ва газга бойлиги айтиладиган Спратли архипелаги атрофидаги тортишув анча жиддий ҳисобланади.

Шу билан биргаликда, архипелаг ороллари стратегик жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. У ерда, сўнгги йилларда учиш-қўниш майдонларини барпо этиш билан фаол шуғулланаётган Пекин минтақадаги таъсирини сезиларли кучайтириб олади. Хитой 2014 йил июнидан, зиддиятли денгиз ҳавзасида сунъий ороллар барпо этишни бошлаб юборган.

Кўпроқ янгиликлар