Тожикистон ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан, мамлакат ҳудудида йирик қўпорувчилик ҳаракатини режалаштираётган ИШИД ташкилоти тарафдорлари қўлга олинган. Бу ҳақда Тожикистон ички ишлар вазирлиги ахборотига таянган ҳолда ТАСС хабар қилди.

"Мамлакатнинг икки фуқароси Шамсиддин Фатхиддинов ва Самовиддин Саймуддинов Суриядаги жанговар ҳаракатларда ИШИД томонида жанг қилиб қайтишган эди. Улар Тожикистон жанубидаги Хатлон вилояти маъмурий маркази Қўрғонтепа шаҳри ички ишлар бошқармаси биносини портлатмоқчи бўлган", - дейилади ИИВ матбуот хизмати баённомасида.

Уларнинг иккиси ҳам жиноятни амалга ошириш учун тайёргарлик кўраётган вақтда қўлга тушган.

Тергов жараёнида аниқланишича, айбланувчилар, ИШИДдаги раҳнамолари кўрсатмасига кўра ватанларига қайтишган. Улар Қўрғонтепадан бошқа жойларда ҳам қўпорувчилик ишларини содир этишлари лозим бўлган.

Тожикистон махсус хизматлари хабарларига қараганда, Сурия ва Ироқдаги ИШИД жангарилари сафида мингдан ортиқ тожикистонлик бор.