Арманистон ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон ҳарбийларининг тоғли Қорабоғ ва Арманистон билан чегаралари бўйлаб кенг қамровли ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборганини кескин танқид қилди. Бу ҳақда «Новости Армении» агентлиги вазирлик баёнотига таянган ҳолда хабар берган. 

«Бокунинг музокаралар жараёнини издан чиқаришга қаратилган босқичма-босқич сиёсати, ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраиси билан учрашувдан бош тортиши, жанговар ҳаракатларни янги куч билан бошлаб юбориши – навбатдаги муваффақиятсиз товламачиликларидан биридир», — дейилади Баёнотда.

Вазирликда қайд этилишича, расмий Боку «жаҳон ҳамжамиятининг зиддиятга тинч йўл билан барҳам бериш борасидаги чақириқларига нисбатан қўпол муносабатда бўлмоқда».

Охирги кунларда, ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраиси, ЕХҲТ нинг амалдаги раиси, АҚШ вице-президенти, АҚШ давлат котиби каби сиёсатчилар томонидан шундай чақириқлар янграган эди.

«Сўнгги воқеалар эса, Озарбайжоннинг жаҳон ҳамжамиятига жавоби қандай эканини кўрсатмоқда», — деб қўшимча қилишган Арманистон ТИВда.

«Бокунинг кенг қамровли ҳаракатлари, қўллаётган аслаҳалар, нишонларнинг танланишини инобатга олган ҳолда, айтиш мумкинки, Озарбайжон минтақадаги вазиятни издан чиқариш ниятида эканини кўрсатади. Бу эса, расмий Бокуни тартибга келтириш учун, халқаро ҳамжамиятни амалий чоралар кўришга ундаши кераклигини билдиради», — деб қайд этилган вазирлик баёнотида.

Бундан аввал, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу тоғли Қорабоғдаги вазиятнинг жиддийлашуви сабабли, Арманистон ва Озарбайжон мудофаа вазирлари билан телефон орқали мулоқот ўтказгани хабар қилинган эди.