2016 йил 1 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи кунини сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишдан бошлади. Ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни билдирди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитди. Сенаторлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятининг самарадорлигини – ҳам давлат экологик назоратининг, ҳам жамият экологик назоратининг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклиф ва тавсияларни билдирди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг Туркманистондаги Фавқулодда ва мухтор элчисини тайинлаш тўғрисидаги масалаларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқди.

Барча кўриб чиқилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Сенатнинг икки кунлик мажлиси чоғида 14та масала, шу жумладан, демократик, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил чуқурлаштиришга, Асосий қомус қоидаларини амалда рўёбга чиқаришга, мамлакатдаги инвестициявий муҳитнинг ўзига жалб этувчанлигини оширишга, тадбиркорлик субъектлари учун ишчанлик муҳити ва қулай шарт-шароитлар яратишга, аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтиришга, мамлакатимизда барқарорлик ҳамда фаровонликни мустаҳкамлашга қаратилган тўртта қонун кўриб чиқилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.