Украина ҳукуматини шакллантириш бўйича сиёсий инқироз, яқин кунларда поёнига етади, деб баёнот берган мамлакат президенти Петро Порошенко АҚШ пойтахтида қилган чиқишида. Бу ҳақда УНИАН ахборот агентлиги хабар қилган.

Порошенконинг қайд этишича, у давлат раҳбари сифатида "украин депутатлари ўз мажбуриятларини тўла намоён этишларига" қаттиқ ишонади. Президент шунингдек, коалиция албатта тузилиши ва унга янги бош вазир номзодини тасдиқлаш борасида таклиф келишига ишончи комиллигини таъкидлаган.

"Биз бу масалани чўзиб ўтирмаймиз, гап ҳафта эмас, балки бир неча кун ёки соатлар ҳақида бормоқда", - деган Украина давлат раҳбари.

Украинадаги сиёсий инқирозга, Олий Рада депутатларининг ҳукумат ишидан қониқмаганлари, аммо бош вазир Яценюк истеъфоси учун овоз беришга имкон топа олмаганлари сабаб бўлди.

Бу ҳолат ўз навбатида, ҳукмрон коалициянинг барбод бўлишига олиб келди, мамлакат янги парламент сайловлари остонасида туриб қолди. Бир қатор депутатлар эса, янги коалиция тузилиши ҳукумат таркибининг ўзгартирилиши ва янги бош вазир сайланиши билан воқеалар ривожини сайловга етказмаслик мумкинлигини айтишган эди. Бироқ, Яценюк ўз ихтиёри билан истеъфога чиқиш ниятида эмас.

Киев экспертлари ушбу масала 29 мартдан 1 апрелгача бўлган мажлисда ҳал этилади, деган фикрни илгари сурган бўлсаларда, депутатлар бирон ижобий натижага эриша олмади. Олий Раданинг келгуси мажлиси эса, апрель ойи ўрталарида бўлиб ўтади.