Озарбайжон Мудофаа вазирлиги мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли вертолёт арманистонлик ҳарбийлар томонидан уриб туширилгани ҳақидаги маълумотни инкор қилди. Бу ҳақда «Интерфакс-Азербайджан» нашри хабар тарқатган.

«Озарбайжон ҲҲКга тегишли вертолёт уриб туширилгани ҳақидаги маълумот тўғри эмас. Бу ғирт ёлғон. Барча ҳарбий-техник ва авиация воситалари ўз жойида турибди. Бу арманларнинг навбатдаги иғвоси», — дейилади хабарда.

Мудофаа вазирлиги хабарида яқин вақт ичида фронт чизиғидаги вазият тўғрисида расмий маълумот берилиши айтилган.

Бундан олдинроқ, Арманистон Мудофаа вазирлиги вакили, 2 апрелга ўтар кечаси Озарбайжон томонидан Арманистон билан низоли Тоғли Қорабоғ ҳудудида артиллерия, зирҳли техника ва авиация орқали бир неча йўналишларда зарбалар берилганини маълум қилган, қарши ҳужум натижасида озарларнинг вертолёти уриб туширилгани ҳақида айтганди.