Акмал Бозоровни Жиззах шаҳар давлат солиқ инспекцияси органларида хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш шўъбаси тезкор ходими лавозимига маъқул кўришди. Лекин А. Бозоров нафси йўлига кириб, бу ишончни оқлай олмади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри хабар бермоқда.

Солиқ ходими хизмат текшируви ўтказиш мақсадида “Кўк бозор” ҳудудидаги кичик савдо комплексига боради. Бу жойда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган Алишер Боймуродовнинг савдо жараёнидан қонунбузарлик топиб, ундан тушунтириш хати олади.

3 млн. 500 минг сўм эвазига ишни расмийлаштирмаслигини айтади. Шу тариқа А.Боймуродовнинг савдо дўконидан 490 минг сўмлик маҳсулотларни олиб чиқиб кетади.

Орадан бир фурсат вақт ўтиб, айтган пулидан 1 млн. камайтирганлигини, 2 ярим млн. етишини айтади. Сўнг яна дўконга келиб, 516 минг сўмлик маҳсулотларни олиб кетади. Унинг бу ишларидан норози бўлган тадбиркор бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат этади.

Ўтказилган тадбир давомида Акмал Бозоров Алишер Боймуродовдан қолган 1 млн. 700 минг сўмни пора тариқасида олаётганида қўлга олинди. Суд Акмал Бозоровни тамагирлиги учун муносиб жазолади. У олти йилга озодликдан маҳрум қилинди.