Тайваннинг Hon Hai Precision Industry корпорацияси япон электроника ишлаб чиқарувчи компанияси бўлмиш Sharpнинг 66 фоизли акциясини 388.8 миллиард ийен (3.5 миллиард доллар атрофида)га сотиб олди. Мазкур шартномани имзолаш маросими япон компаниясининг бош идораси жойлашган Осака шаҳрида бўлиб ўтди.

“Умид қиламизки, келишув компаниянинг молиявий аҳволига ижобий таъсир қилади. Жорий қилинган инвестициялар эса ўсишда ҳизмат қилади”, - дея қайд этди Sharp президенти Кодзо Такахаси Hon Hai раҳбари Терри Гоу билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида.

Тайван корпорациясидан олинган маблағларнинг деярли ярмини Sharp янги авлод LED дисплейларини ишлаб чиқаришга сарфлашни режалаштирган. Бу дисплейлар Apple компанияси томонидан ишлаб чиқарилган смартфон ва планшетларида фойдаланишга мўлжалланган.

Томонлар ушбу шартномани февраль ойининг охирида имзолашга келишишган эди. Бироқ, Тайван корпорацияси Sharp компаниясининг сўнгги пайтларда сезиларли йўқотишларни бошдан кечираётган молиявий мажбуриятларига тегишли баъзи бир тушунмовчиликлар сабаб келишувни бироз кейинроққа қолдирган эди. Даставвал келишув нархи 489 миллиард ийен (4.35 миллиард доллар) миқдорида бўлиши керак эди.

Аввалари Sharp япон ҳукумати томонидан хусусий бизнес ҳамкорлигида яратилган Саноатни янгилаш жамғармаси билан фаол келишувларни олиб борди.

Жамғарма компанияни назорат қилиш шарти билан унга 300 миллиард ийен (2.5 миллиард доллар) ажратишни таклиф қилган.

Hon Hai Precision Industry – дунёдаги энг йирик электрон қурилмалар етказиб берувчи корпорация. У Foxconn бренди остида, жумладан, американинг Apple компанияси билан шартнома бўйича ХХРда iPhone смартфонларини ўз мажмуида тўплайди. Sharp билан тузилган янги ҳамкорлик битими орқали компания ўз технологик кўрсаткичини кўтаришни, маиший электроника соҳасидаги бизнеснинг янги йўналишларига чиқишни мақсад қилган. Hon Hai бош идораси Тайванда жойлашган бўлиб, маҳсулотларни асосан Хитойдаги компанияларида ишлаб чиқаради.

Япониянинг Sharp компанияси ўтган йилда ўз молиявий ҳолатини 222.35 миллиард ийен (1.87 миллиард доллар атрофида) ҳажмидаги соф зарар билан якунлаган эди.