Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси президенти матбуот котиби Давид Бабаяннинг фикрича, минтақада вазиятнинг танглашувига Туркия алоқадор бўлиши мумкин. Бу ҳақда 2 апрель куни Panorama.am агентлиги хабар қилди. 

«Биз ҳар доим, Озарбайжоннинг бундай сиёсати, фақатгина Бокунинг ташаббуси бўла олмаслигини таъкидлаб келганмиз. Айтиш мумкинки, уни маълум бир кучлар, хусусан, Туркия қўллаб-қувватлаётган бўлиши эҳтимол», — деган Бабаян.

Унинг сўзларига кўра, минтақадаги зиддиятнинг кескинлашуви 1994 йилдан бери кузатилмаган эди.

«Озарбайжон ҳарбий кучлари, оғир қуроллардан фойдаланган, ҳатто чегаранинг айрим ҳудудларини бузиб ўтишга ҳам уринишган, аммо кескин жавоб чораларидан кейин, йирик қурбонлар бериб, ўз жойларига қайтишган», — деб маълум қилган матбуот котиби.

ОАВ минтақада зиддиятнинг кескинлашгани хақида 2 апрель куни эрталаб хабар қила бошлади. Озарбайжон ва Арманистон бир-бирига зид хабарларни бермоқда. Иккала томон ҳам, қарши томоннинг йирик йўқотишлари ҳақида сўз юритмоқда.

Россия президенти Владимир Путин ўз навбатида томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирган.

Тоғли Қорабоғ асосан этник арманлар истиқомат қиладиган, 1991 йили Озарбайжондан мустақиллигини эълон қилган, тан олинмаган республикадир. Расмий Бокунинг минтақа назоратини ҳарбий йўл билан қўлга киритишга муваффақиятсиз уринишидан сўнг, 1994 йили, Озарбайжон, Арманистон ва Тоғли-Қорабоғ республикаси Россия воситачилигида Бишкек сулҳини имзолашган эди.