Амстердам-Ар-Риёд рейси бўйича парвоз амалга ошираётган Франциянинг АirFrance авиакомпанияси йўловчи самолёти Қоҳира аэропортида фавқулодда қўнишни амалга оширди.

Маълум бўлишича, самолёт бортида 193 нафар йўловчи бўлган. Учувчилар Миср устидан учиб кетаётганларида самолётда техник носозлик қайд қилганларидан кейин қўнишга қарор қилишган.

Самолёт Қоҳира халқаро аэропортида бешикаст қўнган. Йўловчилар ва экипаж аъзоларидан ҳеч ким жароҳат олмаган. Самолёт қўнгач, аэропорт мутахассислари лайнерга техник хизмат кўрсатишди ва барча носозликларни бартараф этишди. Самолётда қандай носозлик юз бергани маълум қилинмаган. 

Айни вақтда самолёт Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдга парвозни давом эттириши маълум бўлди.