БМТ бош котиби Пан Ги Мун Қорабоғдаги қуролли ихтилоф томонларини Тоғли Қорабоғ Республикасидаги вазиятнинг янада авж олмаслиги учун зудлик билан чоралар қабул қилишга чақирди, деб хабар бермоқда "Интерфакс" ахборот агентлиги.  

"Бош котиб ихтилофга алоқаси бўлган барча томонларни барча қуролли ҳаракатларга зудлик билан чек қўйишга, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни тўлиқ ҳажмда бажаришга ва вазиятнинг авж олмаслиги учун зудлик билан чоралар қабул қилишга чақирмоқда", дейилмоқда бош котиб баёнотида.

Таъкидланишича, Пан Ги Мун оғир қурол-аслаҳа қўлланаётгани ҳамда катта сондаги, шу жумладан тинч аҳоли орасида қурбонлар борлиги ҳақидаги хабарлардан хавотирланмоқда.

Тоғли Қорабоғда 2 апрелга ўтар кечаси кескин тўқнашувлар бошланди. Арманистон Озарбайжон армияси бутун чегара бўйлаб артиллерия, танк ва авиация қўллаган ҳолда ҳужум бошлаганини айтган. Бокуда бўлса ҳужумлар Арманистон томондан аҳоли яшайдиган ҳудудлар ўққа тутилгандан кейин бошлангани айтилмоқда.