Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ғарб давлатлари Анқара террорчилар деб тан олган ва улар ҳақида маълумот берган шахсларни озодликка қўйиб юбормоқда, деб ҳисобламоқда. Эрдўған бу фикрни 2 апрелда Мэриленд штатидаги янги масжид очилиши маросимида айтиб ўтди. АҚШ ОАВлари фикрича, бу масжид АҚШдаги энг катта мусулмон маркази бўлди.

"Биз террорчилик билан 35 йилдан кўпроқ вақт курашиб келамиз. Террорчилар ҳаракатлари туфайли биз 40 мингга яқин одам йўқотдик. Ғарб шунга қарамасдан, биз террорчи деб тан олганларни қўйиб юбормоқда. Брюсселда теракт уюштирган кимса биз Бельгия ҳукуматига у ҳақда маълумот берган террорчи эди", деб айтди Эрдўған.

Эрдўған, шунингдек, Бельгия экстремист ҳақида маълумот олгандан кейин ҳеч қандай ҳаракат амалга оширмаганини таъкидлаб ўтди. Туркия президенти Париж ва Брюсселдаги терактларни Покистон ва Туркиядаги ҳужумлар билан "таққослаб бўлмаслиги"ни айтди.

Аввалроқ Эрдўған турк расмийлари Брюсселда теракт уюштирган террорчилардан бири Иброҳим Бакравийни 2015 йил июлда мамлакатдан депортация қилинганини маълум қилганди. "Брюсселдаги террорчилардан бири биз Ғазиантепада қўлга олган кимса бўлган. 2015 йил 14 июлда уни депортация қилишни бошлаганмиз. Биз депортация ҳақида Бельгия элчихонасини хабардор қилганмиз. Бельгияликлар эса бу одамни қўйиб юборишган. Бизнинг бу одам жангариларнинг хорижий ёлланма одами эканлиги ҳақидаги огоҳлантиришимизга қарамасдан, Бельгия бундай алоқа борлигини ўрната олмаган", деб айтганди Эрдўған. Эрдўғаннинг айтишича, шундан кейин "ушланган террорчининг истаги билан у Голландияга депортация қилинган".