Греция WikiLeaks’да Халқаро валюта жамғармасида агар Греция янги тежамкорлик чораларига рози бўлмаса, мамлакатда банкротлик учун шароит яратиш муҳокама қилингани ҳақидаги маълумот чоп этилганидан кейин ХВЖдан тушунтириш беришни талаб қилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Таъкидланишича, ХВЖнинг Европадаги раҳбари Пол Томсен, жамғарманинг Грециядаги миссияси бошлиғи Делия Велкулеску ва бўлим бошлиғи Ива Петрова 19 мартдаги йиғилишда Грецияга қандай босим ўтказишни муҳокама қилишган. Вариантлардан бири сифатида агар Греция қатъий тежамкорлик чораларига рози бўлмаса, унга банкротлик билан таҳдид солиш варианти кўриб чиқилган.

"Греция ҳукумати ХВЖдан Грецияда, Британияда референдум ўтказилиши олдидан, банкротлик учун шароит яратишга эришиши жамғарманинг расмий позицияси эканлиги ёки йўқлиги борасида тушунтириш беришни сўрамоқда", деб айтилди Греция ҳукуматида.

Ўз навбатида, ХВЖ Грецияда дефолтга йўл қўйилиши ҳақидаги маълумотга изоҳ беришдан бош тортди ҳамда ХВЖ "ички муҳокамалар ҳақида чиқиб кетган маълумотлар ёки эҳтимолий ҳисоботлар" бўйича изоҳ бермаслигини таъкидлаб ўтди.