Ҳинд океанидаги Маврикий оролида икки йил аввал изсиз йўқолиб қолган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Boeing 777 самолётининг бўлаклари деб эҳтимол қилинаётган янги бўлаклар топилди. Бу ҳақда New Straits Times нашри хабар бермоқда.

Тахмин қилинишича, топилган бўлаклар самолёт кабинаси ёки салони бўлаклари бўлиши мумкин.

"Биз бу нима эканлигини ҳали аниқ билмаймиз. Биз Маврикий авиация бошқармаси бу бўлакларни ўз қўриғига олмагунча буни кутишимиз керак бўлади", деб айтди Малайзия фуқаролик авиацияси бошвқармаси бошлиғи Азҳаруддин Абдулраҳмон.

Аввалроқ Австралия ҳукумати Мозамбикда топилган бўлаклар йўқолган MH370 рейсига тегишли бўлиши мумкинлигини айтганди. Ўз навбатида, Малайзия ҳукумати ЖАР ва Мозамбик соҳиллари яқинида самолётнинг янги бўлакларини топиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Бортида 227 йўловчи ва экипажнинг 12 аъзоси бўлган Boeing 777-200 самолёти 2014 йил 8 мартга ўтар кечаси парвоз вақтида радарлар экранидан йўқолиб қолган. Самолёт MH370 рейси билан Куала-Лумпурдан Пекинга кетаётган бўлган. Самолёт билан алоқа узилгандан кейин унинг келгуси тақдири ҳанузгача номаълум бўлиб қолмоқда.