Учувчисиз парвоз қурилмаси томонидан берилган авиазарба билан АҚШ ҳарбий базасини ракетадан ўққа тутиш учун жавобгар бўлган ИШИД жангариси Жасим Хадижа йўқ қилинди. Бу ҳақда журналистларга АҚШнинг Ироқ ва Сурияда аксилтеррорчилик операциясида иштирок этаётган қўшинлари гуруҳи расмий вакили Стив Уоррен маълум қилди.

Хадижа ИШИДнинг ракетадан ўққа тутишлари ва Ироқнинг шимолида АҚШ денгиз аскарларининг базасига ҳужум учун жавобгар бўлган.

АҚШ денгиз аскарларининг базаси ўтган ойда фаолият юритишни бошлаганди. Базада узоқ масофага ўқ отувчи артиллерия қуроллари жойлашган бўлиб, улардан ИШИДга қарши жангларда ироқлик ҳарбийларни қўллаб-қувватлашда фойдаланиш режалаштирилган. Базада АҚШнинг бир неча юз аскари ҳарбий хизмат олиб бормоқда. 19 мартда аскарлардан бири ИШИД жангарилари томонидан олиб борилган ракетадан ўққа тутиш оқибатида ҳалок бўлганди. Уч нафар аскар жароҳат олганди.

АҚШ мудофаа вазирлиги матбуот котиби Питер Кукнинг айтишича, аскарнинг ҳалок бўлиши АҚШнинг Ироқ ва Сурияда ИШИДга қарши бир қатор ҳамкор давлатлар билан олиб бораётган курашидаги иккинчи йўқотиш бўлди. Ироқда бундай ҳарбий ҳаракатлар 2014 йил 15 июнда, Сурияда эса 2014 йил 22 сентябрда бошланганди. АҚШ биринчи аскарини 2015 йилнинг октябрида йўқотган эди. Аскар АҚШ махсус кучлари "пешмерг" курд айирмачилари билан бирга вертолётларда рейд амалга ошираётганда ҳалок бўлганди. Рейддан мақсад Ироқнинг Киркук вилоятидаги Хавижа шаҳридаги ИШИД турмасидан асирларни озод қилиш бўлганди.