Римнинг тарихий қисмида жойлашган Campiani барида ёнғин билан портлаш юз берди. Бу ҳақда 3 апрелда ANSA агентлиги маълум қилди.

Нохуш воқеа оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Агентлик маълумотларига кўра, ҳалок бўлган киши барнинг хорижлик ходими бўлган. Унинг ўлимига ис газидан заҳарланиш олиб келган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин барнинг ертўласида чиққан. Тахминлардан бирига кўра, ёнғинга электр тармоғидаги қисқа туташув сабаб бўлган.

Маълум қилинишича, барга ташриф буюрганлар орасида саросима бошланган. Бар атрофи ўраб олиниб, одамлар эвакуация қилинган. Воқеа жойида ўт ўчирувчилар иш олиб борган.