As нашрида 2 апрель куни ўтказилган «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги класико баҳсида қўлланган тактик чизмалар чоп этилди.

Чизмаларда «Қироллик клуби» бош мураббийи Зинедин Зиданнинг ўйинга тайёргарлик давомидаги тактик схемалари ва чизмалари акс этган.

Қайд этилишича, нашр бу чизмаларни ўйин бошланишидан бироз олдинроқ қўлга киритган.

Хусусан, бу чизмаларда «Барселона» футболчиларини қаттиқ прессинг қилиш, мадридликлар жамоаси футболчилари тўпга эгалик қилаётган рақиб футболчисига ташланиши кераклиги кўрсатилган.

Шунингдек, «Барселона»нинг ҳужум чизиғи вакилларини ярим ҳимоячилар Андрес Иньеста ва Иван Ракитичдан узиб қўйиш лозимлиги белгиланган. Бу орқали эса каталонияликларни қанотлардан кўпроқ фойдаланишга ундаши кўзда тутилган. Режага кўра, қанотларда Даниэль Карвахаль ва Марсело Ҳорди Альба ва Даниэль Алвесни қуролсизлантириши керак бўлган. Марказий ҳимоячилар Серхио Рамос ва Пепе мос равишда Лионель Месси ва Неймарга бириктирилган. «Барселона»нинг қанотлари ҳам ёпилиши орқали марказдан ортадиган босимга қаршилик кўрсатиш учун ҳавбек Каземиро «Реал»нинг ҳимоясини мустаҳкамлаш учун орқада ўйнай бошлаши белгиланган.

Шунингдек, футболчиларга Мессининг эркин тарзда ҳужум бошлашига йўл қўймаслик тайинланган. «Реал» ҳимоячилари Луис Суареснинг тезлик олишини диққат билан кузатиб туриш кўрсатма қилинган.

Эслатиб ўтамиз, бу ўйин якунда Зидан шоогирдларининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.