Англиянинг «Челси» клуби ёзда жамоани италиялик Антонио Конте бошқаришини расман маълум қилди.

Клуб расмий сайтида ёзилишича, италиялик мутахассис лондонликлар билан уч йилга мўлжалланган шартнома имзолади. Ҳозирда Конте Италия терма жамоаси бош мураббийи сифатида термани Евро-2016 мусобақаларига тайёрламоқда.

Конте «Челси»ни бошқарган бешинчи италиялик мутахассисга айланди. Олдин жамоани Жанлука Виалли, Клаудио Раньери, Карло Анчелотти ва Роберто Ди Маттео бошқариб борганди.

Конте ўз фаолиятини Б серияда «Бари» билан чемпион бўлиш орқали бошлаган. Кейинроқ у «Ювентус» билан А серияда 3 марта ғолиб чиқиб, Италия суперкубогини 2 марта қўлга киритганди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Конте уч йил давомида 20 миллион евро маош олиши ҳақида хабар берилганди.