Футбол бўйича 2024 йилги Европа чемпионати Дания, Швеция, Норвегия ва Финляндия мамлакатларида ўтказилиши мумкин. Ушбу давлатлар Евро-2024 мезбонлиги учун қўшма ариза тақдим этади. Бу ҳақда Дания футбол иттифоқи сайтида маълум қилинган.

Қайд этилишича, бу қўшма ариза ғолиб бўлса, турнир ўйинлари Фарер ороллари ва Исландия каби мамлакатларда ҳам ўтказилиши мумкин.

"Шимолий давлатлар умумий қадриятларга эга ва скандинавларнинг барчаси Европа чемпионатини ўзида қабул қилишни истайди. Биз мезбонлик учун керакли иқтисодий салоҳият ва экологик шароитларга эгамиз. 2018 йилги жаҳон чемпионатидан кейингина Евро-2024 турнири мезбонлиги учун аризалар қабул қилиниши бошлансада, биз ҳозирдан ҳаракат бошладик", дейилади мурожаатда.

Маълумот учун, 2020 йилги тартиб бўйича 16чи Европа чемпионати ўйинлари қитъа бўйлаб турли шаҳарларда ўтказилади. Бу тартиб жорий этиладиган илк турнир Буюк Британиядан Озарбайжонгача бўлган 12 давлатдаги 13 шаҳарда ўтказилади (Лондон, Дублин, Глазго, Бильбао, Брюссель, Рим, Мюнхен, Копенгаген, Амстердам, Бухарест, Будапешт, Санкт-Петербург ва Боку). Финал Лондондаги Уэмбли стадионига белгиланган.