Россияда Ravon бренди остида савдога чиқарилган R2 (Spark) хетчбекларининг автоматик узатмалар қутиси билан жиҳозланган моделлари сотиб бўлинган, деб ёзмоқда «Российская Газета» компания маълумотларига таянган ҳолда.

Ravon R2 автомобилларининг савдоси, расман 10 апрель куни бошланса-да, бундан аввал, бир ой муддат давомида буюртмалар қабул қилинган. Аммо дилерлик тармоғига келиб тушган дастлабки автомобиллар, сотувга чиқарилмайди, аксинча эгаларига топширилади. Ravon’да маълум қилишларича, илк етказиб бериладиган машиналар учун 100 фоизлик тўлов билан буюртмалар қабул қилинган. Эслатиб ўтамиз, GM Uzbekistan автомобиллари Россияда Ravon бренди остида харидорларга етказиб берилмоқда.

Айтиш жоизки, R2 (Chevrolet Spark) хетчбеки – Россиядаги автоматик узатмалар қутисига эга энг арзон автомобилдир. Унинг бошланғич тўплами нархи 369 000 рублдан бошланади. Унинг стандарт тўпламида, ABS тормоз тизими, рулни электркучайтиргич, иккита хавфсизлик ёстиқчаси, олд ёнойналарни электр тушириш тизими, кундузги ёритқичлар, аудиотизим ва марказий қулфлаш тизимига эга.
R2 га 1,2 литр ҳажмдаги 4-цилиндрли двигатель ўрнатилган. 85,5 от кучига эга машина 4та босқичли автоматик узатгичлар қутиси ёрдамида ҳаракатланади.

Айни чоғда, Ravon Россиянинг 18 та шаҳрида расмий дилерларига эга. Уларнинг сони яқин орада яна иккитага ортиши кутилмоқда. R2 дан ташқари, компания Россияда ўта арзон Matiz хетчбеки ва Gentra седанини сотади. Тез орада, уларнинг сафини янгиланган Nexia седани тўлдиради. Албатта, у бутунлай янги эмас, балки Chevrolet Aveo’нинг аввалги авлоди кўринишини олади.