Италиянинг «Наполи» клуби ҳужумчиси Гонсало Игуаин мамлакат чемпионати доирасидаги «Удинезе»га қарши 1:3 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган учрашувдаги қилиқлари учун бир неча учрашувларни ўтказиб юбориши мумкин.

Қайд қилинишича, ҳисоб рақиб фойдасига 3:1 бўлиб турганида, ўйининг охирига келиб аргентиналик футболчи рақиб ҳимоячиси Фелипе оёғига атайин зарба берган ва иккинчи сариқ карточка олиб майдонни тарк этган. Аммо шундай кейин ҳам Игуаин ҳадеганда майдонни тарк этишни истамаган ва ҳакамга эътироз билдириб унга ташланишга уринган. Шунингдек, «Удинезе» футболчилари билан ҳам гап талашиб қолган.

А серия қоидаларига кўра мазкур ҳаракат футболчининг учта учрашувга четлатилишига асос бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, учрашувда Игуаин гол киритиб, жорий мавсумдаги голлари сонини 30тага етказиб олган.