«Лестер» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери «Саутҳемптон»га қарши ўйиндан (1:0) кейинги фикрларини билдириб ўтди.

«Қойил қолиш керак, ажойиб ўйин. Шу билан бирга оғир кечган ўйин, жамоамиз жуда яхши ўйин намойиш этди.

Рақиб 5 футболчисини ҳимояда қолдирди. Улар барча чизиқларни ёпиб ташлашга ҳаракат қилди. Биз фақат битта қарши ҳужумни ўтказиб юбордик, Мане Шмейхел билан яккама-якка вазиятга чиқиб борган вазиятни айтаяпман, Симпсон эса ўша вазиятда ўзининг фантастик ҳаракати билан жамоани қутқарди. Кимгадир бу вазият учун 11 метрли жарима зарбаси берилиш керакдек туюлгандир, менга эмас.

ФИФА кунларидан кейинги ўйинлар барча учун қийин кечади. Мен ўйиндан олдин атиги 2 марта машғулот ўтказа олдим. Биз фақат жума ва шанба кунлари йиғилдик. Бир қанча футболчилар терма жамоалари сафида ўртоқлик ва расмий ўйинлардаги иштирокдан кейин ҳорғин ҳолда қайтишди. Бу табиий. Муҳими натижа учун курашишди. Жамоа руҳияти аъло даражада.

Морган гол ургани зўр бўлди. Лекин у урмаганида Варди урарди, ёки бошқа кимдир. Биз гол уриш билан бирга ҳимояланишни ҳам қойиллатамиз. Бу «Лестер»нинг алоҳида хусусияти.

Ўйлайманки, биз чемпионлик пойгасидаги рақибларимизга яна бир ажойиб жавоб қайтардик. «Лестер» ғалаба қозонишни истади ва буни уддалади. Қатъиятни сақлаб қолиш ва ҳаволаниб кетмаслик керак. Ҳафта сўнгида бизни яна бир қийин ўйин кутмоқда», – дейди италиялик мутахассис.

Қайд этиш керакки, 32 турда «Саутҳемптон»га қарши ғалабадан кейин «тулкилар» очколари сонини 69тага етказди ва энг яқин таъқибчиси «Тоттенҳем»ни 7 очколик фарқ билан ортда қолдира бошлади. Кейинги турда жамоа лигада қолиш учун кураш олиб бораётган «Сандерленд»га қарши ўтказади. «Тоттенҳем» эса «МЮ» билан ўйнайди.