Ўзбек шоу бизнесида фаолият юритаётган клипмейкерларнинг “илҳомланиш манбаини топган” “Даракчи” нашри уларнинг айримларидан ташкил топган рўйхатни эълон қилди.

1. Ёш хонанда Ботир Яминовнинг “Аразладингми яна” клипида россиялик қўшиқчи Егор Криднинг “Невеста” қўшиғига ишланган клипнинг кадрларини кўриш мумкин. Хонанданинг бино ёнида куйлаши, раққосалар қуршовида бинони айланиб юриши, дастурхон атрофида йигит қизга қўшиқ куйлаши, ҳатто актриса қизнинг ноз-карашмаси ҳам айнан ўхшаш. Клипмейкер — Сарвар Валиев.

2. Манзуранинг “Ҳаётим” клипи Россия эстрадаси хонандалари Вера Брежнева ва Дан Балан ижросидаги “Лепесками слез” қўшиғига ишланган клипдаги кадрлар билан ўхшаш. Ранглар уйғунлиги, мавзулар ўхшашлиги, романтика йўғрилгани, хуллас, барча-барчаси ўхшаш.
Клипмейкер — Сарвар Исаев.

3. Лола Аҳмедованинг “Унутолмадим” қўшиғига ишланган клип Россия эстрадаси вакиллари Григорий Лепс ва Ани Лоракнинг “Зеркала” дуэтига ишланган клип билан бир хил. Икки клипда ҳам хонандалар катта кўприкдаги тирбанд автомобиллар орасида севгисидан азоб чекиб куйлашади.
Клипмейкер — Жасур Шаметов.

4. Райҳон Ғаниеванинг “Дилимо” клипида Россия эстрада хонандаси Нюшанинг “Ты где, там я” қўшиғига ишланган клипга ўхшашлигини пайқаш мумкин. Икки клипда ҳам Миср манзараси кўринишида раққосалар ва хонанда шўх рақсга тушади. Мисрдан ташқари ҳинд рақслари йўналишини ҳам кузатасиз.
Клипмейкер — Ёдгор Носиров.

5. Лоланинг “Яраланган қанот” қўшиғига “Беном медия” студияси томонидан суратга олинган клипда қизнинг муҳаббатга алдангани, отаси ундан воз кечгани каби воқеалар асосида бир қизнинг аянчли тақдири кўрсатиб берилган. Аммо унда турк киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Сув ва олов” фильмидаги воқеалар билан жуда ўхшашлигини сезиш мумкин. Масалан: Икки ижод намунасида ҳам бош қаҳрамон ногирон бўлади. Уларнинг иккиси ҳам алданиб, ҳомиладор бўлиб қолади. Фильмда ҳам клипда ҳам қизлар ёмғир ёғаётган пайт бекатда йиғлаб ўтиришади. Иккала ҳолатда ҳам қизлар отасидан кечирим сўраб келганида оталар уларни кечира олмайди.

6. Ҳожиакбар Ҳайдаровнинг “Дўлана” қўшиғига ишланган клип ҳам Россия эстрада хонандаси Тиматининг “GQ” қўшиғига ишланган клип билан бир хил. Масалан, хонанданинг хатти-ҳаракати, клипда роль ижро этган артистларнинг рақс ва ҳаракатлари ҳам бир томчи сувдек ўхшаш. Клипмейкер — Шуҳрат Мавлонов.