2016 йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Нидерландия Қироллиги Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Ян-Пол Дирксе бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда турли соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди.

Шунингдек, 2015 йил декабрь ойида бўлиб ўтган вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи раунди ўзаро манфаатли бўлган ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларига эътибор қаратишга ва Ўзбекистон-Нидерландия кун тартибини кенгайтиришга имкон бергани қайд этилди.

Суҳбат давомида турли даражалардаги, жумладан қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги бўлажак учрашувларга тайёргарликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида БМТ доирасидаги Ўзбекистон-Нидерландия ўзаро ҳамкорлик ҳамда ташкилотнинг Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси сифатида 2017-2018 йилларга Нидерландия номзоди илгари сурилганлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.