Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, офшорлар борасида журналистик суриштирув ўтказган матбуот ходимлари, шунчаки маълумотларни сохталаштириб, уйдирмалар тўқиб чиқармоқда. У, ОАВ ходимлари билан ўтказган мулоқотида шундай баёнот берган, деб хабар қилган ТАСС агентлиги.

Песковнинг сўзларига кўра, Кремль бу каби ахборотларга ўз муносабатини билдириш зарурати йўқ. Ундаги Россия президенти Владимир Путинга оид маълумотларга тўхталган матбуот котиби, «аниқ ва янги ҳеч нарса йўқлигини, қолган барча ахборотлар миш-мишлар ва уйдирмаларга асосланганини» таъкидлаган.

Аввалроқ, Панаманинг йирик юридик компанияси маълумотлари ошкор бўлгач, ОАВларида, 2 миллиард долларлик халқаро офшор битимларида Россия иштироки хусусида хабарлар тарқалган эди.

Март ойи охирларида эса, Дмитрий Песков, Россия давлат раҳбари шаъни ва ғурурига нисбатан йирик товламачилик ва уйдирма тайёрланаётгани, агар шундай ҳолат юз берса, президент шаъни барча воситалар ёрдамида ҳимоя қилинишидан огоҳлантирган эди.