Британиянинг Autocar нашри Porsche Panamera’нинг янги модели суратларини чоп этди.

Янги автомобиль ҳозирда сўнгги синов жараёнидан ўтмоқда. Унинг расмий тақдимоти, шу йилнинг октябрь ойида, Париж халқаро автомобиль кўргазмасида бўлиб ўтади.

Тахминларга кўра, Porsche Panamera бутунлай янги MSB платформасида барпо этилади. Унинг таркибида алюминий, ўтабақувват пўлат ва вазни енгил бирикмалардан фойдаланилгани боис, машина вазни аввалгисидан 91 килограммга енгиллашган.

Автомобиль ўлчамларига ўзгариш киритилмаган бўлсада, ғилдираклар соҳаси кенгайиши аниқ. Бундан ташқари, автомобиль кузови ҳам бирмунча фарқ қилади. Porsche Panameraга бир неча хил олти ва саккиз цилиндрли моторлар ўрнатилади. Шу билан бирга, гибридли мотор ҳам яхшиланади.

Янги Porsche Panamera шу йилнинг охиридан Европада сотила бошланади. Унинг ҳозирги авлоди, тўпламига кўра, 83 минг 277 евродан бошлаб сотилмоқда.