Чеченистон раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Рамзан Қодиров РИА Новости агентлигига берган интервьюсида Сурия президенти Башар Асаднинг интиллегент ва дипломатлигини қайд этиб, шу хусусиятлари билан ливияликларнинг марҳум етакчиси Муаммар Каддафийдан фарқ қилишини айтиб ўтди.

Унинг фикрича Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн ва Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Каддафийнинг асосий хатолари улар ҳеч ким билан ҳисоблашишмаган.

"У (Каддафи - таҳририят) энг қудратли одам эди. Барча ундан қўрқарди. У бошқаларнинг ўсишига ҳам йўл қўймасди", дейди Қодиров.

Унинг айтишича, Каддафи уруш бошланиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаганди.

"Мана, Асадга қаранг. У жангчи эмас. У кўринишидан зиёли ва дипломат киши тасаввурини беради. Менимча, у ўз ўрнида қолса керак", дея қайд этади у.

Бундан олдинроқ, Қодиров Асаднинг таклифи билан Сурияга боришини маълум қилганди.