Эрондаги Шарқий Озарбайжон вилоятидаги Хўдафарин туманида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида жанглар бораётган ҳудуддан отилган 3 та миномёт снаряди портлади.

"Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тўқнашувлар давомида отилган 3 та миномёт снаряди Тоғли Қорабоғ чегарасидаги Эрон қишлоғида портлади", деб маълум қилди маҳаллий ҳокимият. 

Маълум бўлишича, ракеталар портлаши оқибатида маҳаллий аҳолидан ҳеч ким жабрланмаган. Бироқ ракеталар электр узатиш линияси устунлари ёнида портлаб, унга жиддий шикаст етказгани сабабли қишлоқ аҳолиси электр таъминотида муаммоларга дуч келмоқда.

Воқеадан кейин Эрон чегарачилари иккала томон вакиллари билан учрашиб, бундай ҳолатларга бошқа йўл қўйиб бўлмаслигини айтдилар.

"Эронлик чегарачилар Озарбайжон ва Арманистонни Эрон ҳудудига нисбатан тажовуз борасида огоҳлантирдилар. Ихтилофнинг иккала томони ҳам бундай хатоларга бошқа йўл қўйилмаслигига ваъда берди", дейилмоқда хабарда.

Айни вақтда Эрон чегараларда хавфсизликни тиклади ҳамда мамлакатга нисбатан тажовуз қилинадиган бўлса, қатъий ҳаракат қилишини айтди.