Samsung компанияси 2016 йилнинг бошида биринчи мутлақо букланувчи қурилмани яратишни режа қилгани ҳақида кўп бора маълум қилган эди.

Бироқ Жанубий Корея матбуотининг хабар беришича, Samsung букланувчи смартфонни кейинги йилнинг сўнгида тақдим этиш ва 2018 йилнинг бошида сотувга чиқаришни режалаштирган. Журналистлар маърузасида қайд этилишича, ишлаб чиқарувчилар йиғилувчи мобиль девайсдан кейинги авлод смартфонларининг тўлақонли вакили сифатида фойдаланишни мақсад қилишган.

Бу каби гаджетнинг унутилган шакл-тамойилда ишга туширилиши сўнгги вақтларда паст ўсишни кўрсатаётган смартфонлар бозорида янги импульсга айланиши тахмин қилинмоқда.

Маърузада айтилишича, Samsung Electronics ва Samsung Display хорижлик ҳамда жанубий кореялик жиҳозловчи ҳамкорларни ишга жалб этишни бошлади. Бундан ташқари, Samsung букланувчи смартфон лойиҳасини амалга ошириш учун бу турдаги гаджет ихтиросига кўплаб усулларни патентлаштирди. Биринчи вариант — эгилувчи OLED-дисплей жойлашган, тенг яримга тахланувчи смартфон. Бу каби аппаратни ёзув дафтарчаси сифатида олиб юриш ва очиб ишлатиш мумкин.

Иккинчи вариант – ҳамёндек букланувчи смартфон бўлиб, бу гаджет очилганида 7 дюймли планшетга айланади.

Букланувчи смартфонлар ҳақида тақдим этилган маълумотлар шунчаки тахмин эканини эслатиб ўтиш жоиз.