Samsung Electronics компанияси 2015 йилнинг 4-чорагида эгилган компьютер мониторлари жаҳон бозорининг 68 фоизини эгаллади. Бу ҳақда ушбу соҳадаги вазиятни кузатиб борувчи WitsView компанияси маълум қилди.

"2015 йилнинг октябрь-декабрида Samsung Electronics бозорнинг 68 фоизини назорат қилган ҳолда, етакчи ўринни эгаллади. Ундан кейинги ўринда Хитойнинг HKC ва АҚШнинг Dell компаниялари мос равишда 14 ва 6 фоиз билан бормоқда", дейилмоқда ҳисоботда. 4-ўринни эса бозорнинг 4 фоизини эгаллаган LG Electronics компанияси эгалламоқда.

2015 йилда дунё бўйича 900 минг дона эгилган монитор сотилган. Жорий йилда бу кўрсаткич икки баробарга ортиб, 1,8 млн донани ташкил қилиши кутилмоқда.

WitsView экспертларининг фикрича, савдоларнинг ўсишига Хитойда оммавийлашиб бораётган интернет-кафелар асосий омил бўлмоқда. "Эгилган дисплейлар савдоси Хитойда энг кўп ўсган, бу ерда интернет-кафелар ўртасидаги рақобат уларни мижозларни янги дизайндаги катта мониторлар билан жалб қилишга мажбур қилмоқда", деб айтмоқдалар таҳлилчилар.

Хитой Жанубий Кореянинг энг йирик ташқи савдо ҳамкори ҳисобланади. Хитой ҳисобига Жанубий Кореянинг камида 25 фоиз экспорти тўғри келади.