Муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган қибрайлик М.Гулмирза (исм-шарифлар ўзгартирилган) бир куни ота-онасига “бошқа давлатга бориб ишлаб, пул топиб келаман” деди. Оила бошлиғи фарзандининг хулқ-атворини яхши билса-да, унга монелик қилмади. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.

Ўзга юртга бориб, ишлаб келишни ниқоб қилиб олган Гулмирза қўшни маҳаллада яшовчи Р. Козимни ўзига шерик қилиб олди. Иккаласи бир бўлиб Россиянинг Новосибирск шаҳрига боришди. Улар кундузи қурилишда ишлаб, кечик пайт интернетга кириб турли сайтларда берилаётган динни, миллий урф-одатлар, анъаналарни нотўғри талқин қилувчи, ёшларни чалғитиб, зиддиятлар келтириб чиқарувчи ахборотлар билан танишишга киришишади.

Уч-тўрт ой оралиғида хорижий давлатлардаги ҳомийлари билан интернет орқали алоқа боғлаб, улардан турли йўл-йўриқлар олиб туришади.
Глобал тармоқдан инсон маънавияти ва аҳлоқига бутунлай ёт бўлган иллатларни шуурига жойлаб олган Козим Қибрайга қайтиб келди. У бир неча ўсмир ёшларни ўз атрофига тўплаб, турли бузғунчи ғояларни тарғиб қила бошлайди.

Ёшларни тўғри йўлдан чалғитиб, уларни хориждаги манфаатдор кучлар қўлига топширишни мақсад қилган бу икки кимса ҳам ниятига эриша олмади: бир неча ҳамюртларимизни хунрезликлар бўлаётган давлатлардан бирига жўнатишни режалаштиришаётганларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.