Коррупцияга қарши курашувчи ноҳукумат халқаро ташкилоти Transparency International дунё етакчиларини офшорларни зудлик билан йўқ қилиш бўйича ҳаракатларни амалга оширишга чақирди. Бу ҳақда ташкилот хабарида айтилмоқда.

Ташкилот раиси Хосе Угаснинг айтишича, Panama Papers’даги (Панама ҳужжатлари) коррупция ҳақидаги тергов глобал молия тизимининг "қоронғу" томонини фош қилади. Бунда банклар, юристлар ва молиявий мутахассислар коррупциялашган пулларни яширишади.

Ташкилот, шунингдек, дунё ҳамжамияти етакчиларини бирлашишга ва компаниялар бенефициар эгаларининг оммавий рўйхатини яратиш ҳамда офшорларни тақиқлашга эришишга чақирди.

3 апрелда OCCRP дунё етакчилари, сиёсатчилар, спортчилар ва маданият арбобларининг офшор битимларига алоқадорлиги ҳақида катта кўламдаги терговни чоп этди. Рўйхатда Россия президенти Владимир Путин, унинг матбуот котиби Дмитрий Песков, Россия иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаев, Украина президенти Пётр Порошенко, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон, Исландия бош вазири Сигмюндюр Гюннлейгссон ҳамда актёр Жеки Чан, футболчи Лионель Месси ва бошқаларнинг номлари тилга олинган.