Грециядан Туркиянинг Измир провинцияси Дикили портига келган ноқонуний муҳожирларнинг биринчи гуруҳини рўйхатдан ўтказиш бугун деярли якунланди.

138 нафар ноқонуний муҳожирлардан иборат биринчи гуруҳ бугун эрталаб иккита кемада Лесбос оролидан Туркиянинг Дикили портига етиб келган эди.

Муҳожирлар орасида кўплаб покистонликлар учрайди, шунингдек, афғонлар ва Бангладеш фуқаролари бор. Уларни Туркиянинг муҳожирлар бўйича бошқармаси автобусларида бошқа шаҳарлардаги вақтинчалик яшаш жойларига олиб кетилди. Бу ерда улар ватанларига қайтарилиш ишлари якунлангунча сақланадилар.

Биринчи гуруҳ муҳожирлари орасида сурияликлар йўқ. Шу ўринда, Европа Иттифоқи ишлари бўйича вазир Вулқон Бозқирнинг сўзларига кўра, келгусида Грециядан қайтариладиган муҳожирларнинг 70 фоизи атрофида сурияликлар бўлади.

Шунга кўра, Измир губернаторлиги келгусида Измирга келадиган барча Сурия Араб Республикаси фуқаролари самолётда Адана шаҳрига юборилиши ва қочқинлар учун лагерларга жойлаштирилиши ҳақида маълум қилди.

Шундай қилиб, Туркия ЕИ билан келишувини амалга оширишнинг илк кунида, режа қилинганидек, 400 нафар эмас, балки 202 нафар муҳожирни қабул қилди. Улар учун Дикили портида туркиялик чегара хизматчилари ишлайдиган тент ўрнатилган.

Ҳар бир ноқонуний муҳожирни сафар давомида Frontex чегара назорати бўйича Европа агентлигининг битта ходими кузатиб боради. Рўйхатдан ўтказиш ҳудуди металл тўсиқлар билан ўралган ва ИИВ махсус хизмати ходими навбатчилик қилади.