Япония сўнгги 10 йил ичида қуёш энергияси ҳисобига ишловчи электростанция ва генераторлардан олинадиган электр қуввати ҳажмини 23.3 карра оширди. Бу маълумотлар Тиба университетининг маърузасида таъкидлаб ўтилди.

2005 йилда кўрсаткич 1.23 миллион МВтни ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг сўнгига келиб, у 28.6 миллион МВтгача кўтарилди. Бу кўрсаткич эса 5.2 миллионга яқин хусусий уйларни электр қуввати билан таъминлашга етарлидир. Қуёш энергиясидан фойдаланишдаги энг катта кескин ўзгариш 2012 йилда тизимга имтиёзли тарифлар жорий этилганида юз берган.

Шу билан бирга, Японияда бошқа муқобил энергия манбаларидан электр қувватини олиш инфратузилмалар ривожи эса у қадар тез суратда ўсмаяпти. Мисол учун, сўнгги 10 йил ичида шамол электростанциялари миқдори фақатгина 2 баробарга ошди. Бунга сабаб эса, уларнинг қурилиши учун катта очиқ ва кенг ҳудудлар зарур.

“2050 йилга келиб иссиқхона газ чиқиндиларини 80 фоизга камайтириш учун Япония асосий эътиборни муқобил энергетика ривожига қаратиши зарур. Бу фақат қуёш эмас, балки электростанцияларига тегишли бўлиши лозим”, - деб ҳисоблайди Тиба университети профессори Хидэфуми Курасака.

Бироқ, қуёш энергетикаси ривожининг ҳам ўзига яраша камчиликлари мавжуд. Япония Табиатни муҳофаза қилиш вазирлигининг қайд этишича, 2040 йилга келиб, ҳозирги кундаги қуёш панелиллари яроқсиз ҳолга келиб қолади. Натижада 770 минг тоннага яқин қайта ишлаш зарур бўлган чиқиндилар йиғилиб қолади. Ўтган йили Японияда фойдаланилган қуёш панелидан 2.4 минг тонна ҳажмидаги чиқиндилар чиқариб ташланган. 2030 йилга келиб эса бу кўрсаткич 10 карра ошади, яна ўн йилдан сўнг эса Японияда ташлаб юборилган барча чиқиндиларнинг 6 фоизи қуёш панелларига тўғри келади. Япон ҳукумати бу чиқиндиларни нима қилиш ҳақида бир қарорга келгани йўқ.

Бундан ташқари, хизмат муддати 25 йилдан ошмагани учун мамлакатда қуёш панелларини қайта ишлаш ривожланмагани сабабли муаммо тобора чуқурлашиб бормоқда.