Дилноза Кубаева "тўйларни олиб борувчи энг қиммат бошловчи" экани ҳақидаги фикрларга жавоб қайтарди

Маданият 05 Апрель 2016 2280

Актриса Дилноза Кубаева “Shok.uz” сайтига берган интервьюсида мухлислари томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди.

У машҳурликка эришиш – ўз ҳаловатинг, хотиржамлигинг, жонингни ороми, яқинларинг, дўстларингдан, фарзанд тарбиясининг баъзи бир қисмидан воз кечиш билан баробар эканини, шунингдек, санъаткор халқ эътиборида бўлгани сабаб ўз юриш-туришига, хатти-ҳаракатига, гапираётган сўзига маълум бир чеклов қўйиши кераклигини таъкидлади.

Актриса “Дилноза Кубаева тўйларни олиб борувчи энг қиммат бошловчи” деган мулоҳазадан норози эканлигини қайд этди.

У санъаткорлар қанча пул топишини барчага овоза қилиб, рухсат сўрамай чоп этаётган инсонлардан қаттиқ ранжиганини таъкидлади. Актрисанинг қанча маблағ олиши билан қизиқиш – бу унинг худди чўнтагидаги пулини санашга тенг эканини айтиб ўтди.

Шунингдек, Кубаева ҳеч бир ижтимоий тармоқда шахсий саҳифаси йўқлигини билдириб, унинг номидан профил очган инсонларни эса ўз умрини беҳудага сарфлаётган майнавозчиларга қиёслади.

Актриса ўзининг қимматли вақтини интернетга сарфлаш нияти йўқлиги ва ижтимоий тармоқларда ҳам ҳеч қачон саҳифа очмаслигини ўз мухлисларига эслатиб қўйди.

Ўзига бағишлаб фан-клуб очган ашаддий мухлисларга эса Дилноза ўз ташаккурини изҳор этган.

У сўнгги вақтларда фильмларда камнамо бўлгани сабабини қуйидагича изоҳлади: “Ҳозир менда шундай даврки, негадир ўзимга мос роллар насиб қилмаяпти. Ижодий жамоа яхши бўлса, сценарий бўш бўлади. Ёки жуда яхши сценарий, бироқ бу образни сен қачонлардир ижро этган бўласан”.

Кўпроқ янгиликлар