Dobersek Ўзбекистонда ўғит ишлаб чиқарувчи завод қурилишида иштирок этади

Иқтисодиёт 05 Апрель 2016 754

Германиянинг Engineering Dobersek GmbH компанияси Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида мураккаб ўғитлар ишлаб чиқарувчи завод қурилишида қатнашади. Республика ташқи ишлар вазирлиги қошидаги “Жаҳон” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, лойиҳа қиймати 500 млн долларга баҳоланмоқда.

Мақолада ёзилишича, Engineering Dobersek GmbH кимёвий мажмуанинг лойиҳасини тақдим этган, ўзбек томони унга баъзи ўзгартиришларни киритган, эндиликда якуний лойиҳа тайёрланмоқда. 

Агентлик маълумотларига кўра, Қизилқум фосфорит мажмуаси (унинг қурилишида ҳам Engineering Dobersek GmbH қатнашган), янги саноат маркази учун хом ашё базаси бўлиб хизмат қилади. Лойиҳанинг якуний намунасини 2016 йил иккинчи ярмида ҳукумат тасдиғига киритиш режалаштирилган.

Заводнинг лойиҳавий қуввати йилига 288,5 минг тонна мураккаб кимёвий ўғитлар (моноаммоний фосфат) ҳамда 650 минг тонна олтингугурт кислотаси ишлаб чиқаришни кўзда тутади. Лойиҳани амалга ошириш муддати 4 йил этиб белгиланган. 500 миллион долларлик завод қурилиши хорижий кредитлар ва маҳаллий маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Ўзбекистон шунингдек, 2014–2018 йилларда марказий Қизилқумда фосфорли хом ашёни қазиб олишни кенгайтиришга хорижий компаниялар иштирокида 100 миллион доллар атрофида сармоя киритиш ниятида. Дастурга мувофиқ, Жерой кони кўрсаткичини 2,4 мартага ошириб, йилига 3,6 миллион тонна руда қазиб олиш режалаштирилган. Бу дастур ички манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Кўпроқ янгиликлар